«ХАTIRCHI PAXTA TOZALASH»

аksiyadorlik jamiyati

USTAVI

(янги таҳрирда)

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Устав Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни (матн давомида – Қонун) ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида ишлаб чиқилган.

2. Бундан буён матнда "жамият” деб аталувчи «Xatirchi paxta tozalash» акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш Давлат қўмитаси (Давлат рақобат қўмитаси)нинг 1994 йил 27 сентябрдаги 240-к-ПО-сонли буйруғига асосан ташкил этилган ва Навоий вилоят Хатирчи туманининг Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш Инспекцияси томонидан 2014 йил 30 сентябрдаги № 146-сон билан рўйхатга олинган.

3. Жамият ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясини ташкил этиш тўғрисида” 2015 йил 27 октябрдаги ПФ-4761-сон Фармони, "Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2015 йил 28 октябрдаги ПҚ-2422-сон қарори ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ олиб боради.

4.Жамиятнинг тўлиқ фирма номи:

4.1.Ўзбек тилида:

лотин ёзувида: «Xatirchi paxta tozalash » aksiyadorlik jamiyati;

кирилл ёзувида: «Хатирчи пахта тозалаш» акциядорлик жамияти.

4.2.Рус тилида: Акционерное общество«Хатирчи пахта тозалаш».

4.3.Инглиз тилида: Joint stock company «Xatirchi pakhta tozalash».

5.Жамиятнинг қисқартирилган номи:

5.1.Ўзбек тилида:

лотин ёзувида: «Xatirchi paxta tozalash » AJ;

кирилл ёзувида: «Хатирчи пахта тозалаш» АЖ;

5.2.Рус тилида: АО «Хатирчи пахта тозалаш».

5.3.Инглиз тилида: JSC «Xatirchi pakhta tozalash».

6.Жамиятнинг манзили:

- жойлашган ери: Навоий вилояти, Хатирчи тумани, Саҳоват МФЙ.

Индекс: 211002.

- почта манзили: Навоий вилояти, Хатирчи тумани, Саҳоват МФЙ.

Индекс: 211002.

Жамиятнинг электрон почта манзили: infoxatirchipaxta@umail.uz.

7. Жамиятнинг расмий корпоратив веб-сайти: www.xatirchipaxta.uz.

II.ЖАМИЯТНИНГ ҲУҚУҚИЙ ҲОЛАТИ, ЖАВОБГАРЛИГИ

8. Жамият юридик шахс бўлиб, у ўз мустақил балансида ҳисобга олинадиган алоҳида мол-мулкка, шу жумладан ўзининг устав капиталига берилган мол-мулкка эга бўлади, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ҳамда амалга ошириши, зиммасига мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

9. Жамият давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юридик шахс мақомига эга бўлади. Жамият фаолият кўрсатиш муддати чекланмаган ҳолда ташкил этилади.

10. Жамият Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва ундан ташқарида банк ҳисобварақлари очишга ҳақлидир.

11. Жамият ўзининг фирма номи давлат тилида тўлиқ ёзилган ҳамда жойлашган ери кўрсатилган юмалоқ муҳрга эга бўлиши лозим. Муҳрда бир вақтнинг ўзида фирманинг номи бошқа исталган тилда ҳам кўрсатилиши мумкин.

12. Жамият ўзининг номи ёзилган штамп ва бланкаларга, ўз тимсолига, шунингдек белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган товар белгисига ҳамда фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарларнинг, ишларнинг ва хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи бошқа воситаларга эга бўлишга ҳақли.

13. Жамият ўз мажбуриятлари юзасидан ўзига тегишли барча мол-мулк билан жавобгар бўлади.

14. Акциядорлар жамиятнинг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди ва унинг фаолияти билан боғлиқ зарарларнинг ўрнини ўзларига тегишли акциялар қиймати доирасида қоплаш таваккалчилигини ўз зиммасига олади.

15. Акцияларнинг ҳақини тўлиқ тўламаган акциядорлар жамиятнинг мажбуриятлари юзасидан ўзларига тегишли акциялар қийматининг тўланмаган қисми доирасида солидар жавобгар бўлади.

16. Жамият ўз акциядорларининг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди.

17. Агар жамиятнинг банкротлиги жамият учун мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган акциядор сифатида иш юритаётган шахснинг ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли юзага келган бўлса, жамиятнинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда, мазкур акциядорнинг зиммасига жамиятнинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юклатилиши мумкин. Акциядор мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига ушбу уставида бу ҳуқуқ назарда тутилган тақдирдагина эга бўлади.

18. Жамият учун мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган акциядор жамият муайян ҳаракатни амалга ошириши оқибатида банкрот бўлишини олдиндан била туриб, ушбу ҳуқуқидан жамият томонидан шундай ҳаракат амалга оширилиши учун фойдаланган тақдирдагина жамиятнинг банкротлиги акциядорнинг ҳаракатлари туфайли юзага келган деб ҳисобланади.

19. Давлат ва унинг органлари жамиятнинг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди, худди шунингдек жамият ҳам давлат ва унинг органларининг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди.

III.ЖАМИЯТ ФАОЛИЯТИНИНГ СОҲАСИ (АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ)
ВА МАҚСАДИ

20. Жамият тижорат ташкилоти бўлиб, унинг асосий мақсади молиявий-хўжалик фаолиятидан фойда олишдир.

21. Жамият асосий мақсадига эришиш учун фаолият ва хизмат кўрсатишнинг қуйидаги турларини амалга оширади:

- пахта хом ашёсини белгиланган тартибда харид қилиш, сақлаш, қайта ишлаш, жаҳон бозорида рақобатга бардошли юқори сифатли пахта маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва шу орқали жамиятнинг иқтисодий самарадорлигини кучайтириш ва фойда олиш;

- пахта хом ашёсини харид қилиш ва қайта ишлаш юзасидан пахта етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналари ва фермер хўжаликлари билан контрактация шартномалари тузиш;

- тузилган контрактация шартномаларига мувофиқ пахта хом ашёсини харид қилиш ва уни белгиланган режа-топшириқларга мувофиқ ўз вақтида қайта ишлаш, ишлаб чиқарилган пахта махсулотларини истеъмолчиларига етказиб бериш;

- пахта етиштирувчи хўжаликларни пахтанинг жаҳон бозорида харидоргир бўлган селекция навларининг юқори кондицияли уруғлик чигитлари билан таъминлаш;

- пул маблағлардан мақсадли фойдаланиш, пахта хом ашёсини харид қилиш ва қайта ишлаш юзасидан тузилган контрактация шартномаларига мувофиқ пахта етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналари ва фермер хўжаликлари билан белгиланган тартибда хисоб - китоб қилиш;

- пахта хом ашёсини харид қилиш, пахта толаси ва бошқа пахта маҳсулотлари ишлаб чиқариш, истеъмолчиларга жўнатиш ва шу маҳсулотларнинг колдиқлари бўйича ҳисоб-китоб ва ҳисобот юритиш, пахта маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари, уни экспортга ва республика истеъмолчиларига сотиш бўйича маълумотларнинг ишончлилигини таъминлаш;

- халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш бозор механизмини ривожлантириш;

- жамиятни техник жиҳатдан жиҳозлаш, замонавийлаштириш, чет эл инвестицияларини жалб этиш, жамиятни ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш;

- жамият иқтисодий, молиявий ҳолатини барқарорлаштириш, инвестицион портфелдан самарали фойдаланиш, меҳнат жамоаси учун қулай, замонавий шароитлар яратиш, уларнинг иқтисодий манфаатдорлигини кучайтириш;

- Ўзбекистон Республикаси пахтани қайта ишлаш саноатининг ривожига муносиб ҳисса қўшиш;

- белгиланган тартибда инвесторлар билан шартнома асосида жамиятга хўжалик фаолияти учун самарали бўлган инвестициялар киритиш;

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган тартибда мол-мулк, кўчмас мулк, интеллектуал мулклар олиш, сотиш, ижарага бериш, ижарага олиш.

- ишлаб чиқарилган халқ истеъмоли молларининг улгуржи ва чакана савдосини ташкил этиш;

- қишлоқ хўжалик, жумладан чорвачилик махсулотларини ишлаб чиқариш ва уларни сотиш.

22. Жамият Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолият турларини амалга оширишга ҳақли.

23. Махсус рухсатнома (лицензия) олишни талаб қиладиган фаолият турлари жамият томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лицензия олингандан кейин амалга оширилади.

24. Мазкур Уставда кўрсатилган ўз олдига қўйилган мақсадларга эришиш учун жамият инвестицион ва Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан ман этилмаган фаолиятларнинг бошқа турларини амалга ошириши мумкин.

25. Жамият қонунчиликда белгиланган бошқа фаолият турларини белгиланган тартибда амалга ошириши мумкин.

IV.ЖАМИЯТ УСТАВ КАПИТАЛИНИНГ МИҚДОРИ

26.Жамиятнинг устав капитали акциядорлар олган жамият акцияларининг номинал қийматидан ташкил топади.

27.Жамиятнинг устав капитали 1248000 000 сўмни ташкил қилади.
У ҳар бирининг номинал қиймати 1 000 сўм бўлган 1248 000 дона оддий акциялардан иборат.

 

Жамиятнинг устав капиталини кўпайтириш

28. Жамиятнинг устав капитали қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтирилиши мумкин.

29. Қўшимча акциялар жамият томонидан ушбу Уставда белгиланган эълон қилинган акциялар сони доирасидагина жойлаштирилади.

30. Жамият устав капиталини ошириш мақсадида жойлаштирилган акцияларига қўшимча равишда чиқариши мумкин бўлган эълон қилинган акциялари миқдори - номинал қиймати 1000 сўм бўлган 4000000 дона оддий акциялардан иборат.

31. Устав капиталини қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтириш тўғрисидаги қарорда жойлаштириладиган қўшимча акцияларнинг умумий қиймати, сони, тури, номинал қиймати, жойлаштириш тартиби, усули, муддати, жойлаштириш (акцияларнинг биржа ва уюшган биржадан ташқари бозорига чиқариш) нархи, акциялар учун тўлов тартиби, амалга ошмаган деб топиш улуши ва амалга ошмаган деб топилган тақдирда акциялар учун қабул қилинган тўлов воситаларини қайтариш тартиби белгиланади.

32. Қўшимча чиқарилаётган акциялар очиқ ва ёпиқ обуна усуллари билан жойлаштирилади.

33. Жамиятнинг устав капиталини кўпайтириш тўғрисидаги ва жамият Уставига тегишли ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қарорлар кузатув кенгаши томонидан қабул қилинади.

34. Жамият томонидан акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган, ҳақи пул маблағлари билан тўланадиган эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштиришда овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлган акциядорлар ўзига тегишли шу турдаги акциялар миқдорига мутаносиб миқдорда уларни имтиёзли олиш ҳуқуқига эга.

35. Имтиёзли ҳуқуқни қўлламаслик тўғрисидаги қарор, шунингдек бундай қарорнинг амал қилиш муддати ҳақидаги қарор акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этаётган овоз берувчи акциялар эгаларининг кўпчилик овози билан қабул қилиниши мумкин. Бундай қарорнинг амал қилиш муддати ушбу қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан бир йилдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

36. Имтиёзли ҳуқуққа эга бўлган шахсларнинг рўйхати қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадаги жамият акциядорлари реестрининг маълумотлари асосида тузилади.

37. Қўшимча чиқарилган акциялар бозор қийматида, лекин номинал қийматидан кам бўлмаган қийматда кузатув кенгаши қарорига асосан жойлаштирилади.

38. Акцияларни жойлаштириш, шу жумладан, акциядорлар ўртасида жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилишда акцияларни жойлаштириш (қимматли қоғозларнинг биржа бозорига ва уюшган биржадан ташқари бозорига чиқариш) нархи қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчиларининг савдо майдончаларида вужудга келаётган нархлар конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Жамиятнинг устав капитали кўпайтирилаётганда жамиятнинг қўшимча акцияларига унинг ўз капитали ҳисобидан, шунингдек ҳақини қўшимча акциялар билан тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинган дивидендлар ҳисобидан ҳақ тўланган тақдирда, бундай акцияларни жойлаштириш жамият акцияларининг номинал қиймати бўйича амалга оширилади.

39. Солиққа оид ёки давлат олдидаги бошқа қарздорлик ҳисобига жамият устав капиталидаги давлат улушини шакллантириш ёки ошириш тўғрисидаги қарор жамият акциядорлари умумий йиғилиши томонидан жамиятнинг жойлаштирилган овоз берувчи акцияларининг камида учдан икки қисми эгалари бўлган акциядорларнинг (давлатдан ташқари) розилиги мавжуд бўлган тақдирда, акциядорларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Жамиятнинг устав капиталини камайтириш

40. Жамиятнинг устав капитали акцияларнинг номинал қийматини камайтириш ёки акцияларнинг умумий сонини қисқартириш йўли билан камайтирилиши мумкин.

41. Жамиятнинг устав капиталини камайтириш тўғрисидаги ва жамият уставига тегишли ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қарорлар Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади.

42. Агар устав капиталини камайтириш натижасида унинг миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдоридан камайиб кетса, жамият устав капиталини камайтиришга ҳақли эмас.

43. Устав капиталини камайтириш тўғрисида қарор қабул қилган вақтда Акциядорларнинг умумий йиғилиши устав капитални камайтириш сабабларини кўрсатади ва уни камайтириш тартибини белгилайди.

V. ЖАМИЯТ АКЦИЯЛАРИНИНГ ТУРЛАРИ

44. Жамиятнинг акциялари оддий ва имтиёзли бўлиб, ҳужжатсиз шаклда ҳисоби юритилади.

Акцияларга эгалик ҳуқуқи депо-ҳисоб варағидан кўчирма билан тасдиқланади.

45. Имтиёзли акциялар эгалари жамият тугатилган тақдирда унинг мулклари тақсимланаётган пайтда оддий акция эгалари ўртасида мулк тақсимоти амалга оширилгунга қадар ўз акцияларининг номинал қийматини оладилар.

46.Жамият ўзи жойлаштирган имтиёзли акцияларни олиш нархи уларнинг бозор қийматига мувофиқ белгиланади.

47. Дивидендлар жамиятнинг жамият тасарруфида қоладиган соф фойдасидан ва (ёки) ўтган йилларнинг тақсимланмаган фойдасидан тўланади. Имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар жамиятнинг бунинг учун махсус мўлжалланган фондлари ҳисобидан ҳам тўланиши мумкин.

Жамият томонидан оддий акциялар бўйича ҳисобланган дивидендларни тўлаш акциядорларнинг дивидендларни олишга бўлган тенг ҳуқуқларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

48. Дивиденд акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорига кўра пул маблағлари ёки бошқа қонуний тўлов воситалари ёхуд жамиятнинг акциялари ва бошқа қимматли қоғозлари билан тўланиши мумкин.

Жамиятнинг имтиёзли акциялари бўйича дивидендларни қимматли қоғозлар билан тўлашга йўл қўйилмайди.

49. Дивиденд акциядорлар ўртасида уларга тегишли акцияларнинг сони ва турига мутаносиб равишда тақсимланади.

Имтиёзли акция ўз эгасига ҳар йили бир дона акция номинал қийматининг 15 фоизи миқдорида биринчи навбатда дивиденд олиш ҳуқуқини беради.

50. Жамият бир йилда бир марта йил натижаларига кўра жойлаштирилган акциялар бўйича дивидендлар тўлайди, қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Оддий акциялар бўйича дивидендлар тўлаш, дивиденднинг миқдори, уни тўлаш шакли ва тартиби тўғрисидаги қарор жамият кузатув кенгашининг тавсияси, молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги ҳақида аудиторлик хулосаси мавжуд бўлган тақдирда, молиявий ҳисобот маълумотлари асосида акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади. Дивидендларни тўлаш муддати шундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан олтмиш кундан кеч бўлмаслиги лозим.

VI. ЖАМИЯТНИНГ ЗАХИРА ФОНДИ

51. Жамият соф фойда ҳисобидан захира фондини ҳамда акциядорларнинг умумий йиғилишида аниқланадиган, жамият фаолияти учун зарур бўлган бошқа фондларни ташкил этади.

52.Жамиятнинг захира фонди, бошқа маблағлар мавжуд бўлмаган тақдирда, жамиятнинг зарарлари ўрнини қоплаш, жамиятнинг корпоратив облигацияларини муомаладан чиқариш, имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар тўлаш ва жамиятнинг акцияларини қайтариб сотиб олиш учун мўлжалланади. Захира фондидан бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин эмас.

53. Жамият устав капиталининг 15 фоиз миқдорида захира фонди тузилади. Захира фондига белгиланган миқдорга етгунига қадар ҳар йили соф фойдадан
5 фоиз миқдорида ажратмалар ўтказади.

54. Захира фонди тўлалигича ёки қисман сарфланиб бўлган ҳолларида, соф фойдадан мажбурий ажратмалардан тикланади.

VII. ЖАМИЯТ БОШҚАРУВИНИНГ ТУЗИЛМАСИ

55. Жамият бошқарув органлари:

·Акциядорларнинг умумий йиғилиши

·Кузатув кенгаши

·Ижроия органи (Бош директор).

VIII. ЖАМИЯТ АКЦИЯДОРЛАРИНИНГ УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИ

56.Акциядорларнинг умумий йиғилиши жамиятнинг юқори бошқарув органидир.

57. Жамият ҳар йили акциядорларнинг йиллик (навбатдаги) умумий йиғилишини ўтказиши шарт. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши йил тугаганидан кейин олти ойдан кечиктирмай ўтказилади.

58. Жамиятнинг бир фоиздан кам бўлмаган оддий акциялари эгалари акциядорлар умумий йиғилиши кун тартиби, фойдани тақсимлаш, бошқарув ва назорат органи аъзолигига уларнинг номзодини (умумий йиғилиш ўтказилгунга қадар алмаштириш имконияти билан) кўрсатиш юзасидан таклиф киритиш ҳуқуқига эга. Бундай таклифлар молия йили тугаганидан кейин 60 кундан кечиктирмай ёзма тақдим этилиши лозим.

59. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишида қуйидаги масалалар кўрилади:

·кузатув кенгашини сайлаш;

·тафтиш комиссиясини сайлаш;

·кузатув кенгашининг жамият ижроия органи раҳбари билан тузилган шартноманинг муддатини узайтириш, уни қайта тузиш ёки бекор қилиш билан боғлиқ қарорларини маъқуллаш;

·жамиятнинг йиллик ҳисоботи ва бизнес-режаси ижроси бўйича ҳисобот;

·кузатув кенгаши ва ижроия органининг жамиятни ривожлантириш стратегиясига эришиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботлари;

·фойда ва зарарларини тақсимлаш;

·жамият кузатув кенгашининг ва тафтиш комиссиясининг ўз ваколат доирасига кирадиган масалалар юзасидан, шу жумладан, жамиятни бошқаришга доир қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан жамият кузатув кенгашининг ҳисоботларини ва тафтиш комиссиясининг хулосаларини эшитиш.

Йиғилишда бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

60. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишидан ташқари ўтказиладиган умумий йиғилишлари навбатдан ташқари йиғилишлардир.

61. Акциядорларнинг умумий йиғилишини кузатув кенгашининг раиси, у узрли сабабларга кўра бўлмаган тақдирда эса, кузатув кенгашининг аъзоларидан бири олиб боради.

62. Акциядорлар умумий йиғилишининг ваколат доирасига қуйидагилар киради:

· жамият уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги уставини тасдиқлаш;

·жамиятни қайта ташкил этиш;

· жамиятни тугатиш, тугатувчини (тугатиш комиссиясини) тайинлаш ҳамда оралиқ ва якуний тугатиш балансларини тасдиқлаш;

·кузатув кенгашининг сон таркибини қонун хужжатларида белгиланган тартибда белгилаш, уларнинг аъзоларини сайлаш ва аъзоларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;

·эълон қилинган акцияларнинг энг кўп миқдорини белгилаш;

· жамиятнинг устав капиталини камайтириш;

· жамиятнинг жойлаштирилган акцияларини сотиб олиш;

·жамиятнинг ташкилий тузилмасини тасдиқлаш;

·тафтиш комиссиясининг аъзоларини сайлаш ва уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, шунингдек, тафтиш комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш;

·жамиятнинг йиллик ҳисоботини, шунингдек жамият фаолиятининг асосий йўналишлари ва мақсадидан келиб чиққан ҳолда жамиятни ўрта муддатга ва узоқ муддатга ривожлантиришнинг аниқ муддатлари белгиланган стратегиясини тасдиқлаш;

·жамиятнинг фойдаси ва зарарларини тақсимлаш;

·жамият кузатув кенгашининг ва тафтиш комиссиясининг ўз ваколат доирасига кирадиган масалалар юзасидан, шу жумладан, жамиятни бошқаришга доир қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан жамият кузатув кенгашининг ҳисоботларини ва тафтиш комиссиясининг хулосаларини эшитиш;

·имтиёзли ҳуқуқни қўлламаслик тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунинг 35-моддасида ва мазкур Уставда назарда тутилган қарорлар қабул қилиш;

·акциядорлар умумий йиғилишининг регламентини тасдиқлаш;

·акцияларни майдалаш ва йириклаштириш;

·Ўзбекистон Республикасининг "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунинг 8 – бобига асосан баланс қиймати ёки олиш қиймати битим тузиш тўғрисида қарор қабул қилинаётган санада жамият соф активлари миқдорининг эллик фоизидан ортиғини ташкил этувчи мол-мулк хусусида йирик битим тузиш тўғрисидаги қарор қабул қилиш;

·Ўзбекистон Республикасининг "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунинг 9 – бобига асосан жамиятнинг аффилланган шахси билан битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

·жамият Корпоратив бошқарув кодексига риоя этиш мажбуриятини олиш тўғрисида қарор қабул қилиш ва хабарни ошкор қилиш шаклини тасдиқлаш;

·жамият мансабдор шахсларига Корпоратив бошқарув кодекси тавсияларига риоя этмаганлик ёки Корпоратив бошқарув кодексда назарда тутилган ахборотларни ошкор этмаганлик учун Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида кўрсатилган интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли;

·жамиятнинг бошқарув органлари тўғрисидаги, шу жумладан ички назорат, дивиденд сиёсати, ахборот сиёсати тўғрисидаги, манфаатлар қарама-қаршилиги вақтида ҳаракат қилиш тартиби тўғрисидаги низомларини тасдиқлаш;

·ҳар йили мустақил профессионал ташкилотлар – маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда бизнес-жараёнлар ва лойиҳаларнинг жамиятнинг ривожланиш мақсадларига мувофиқлиги юзасидан таҳлил ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш мумкин;

·жамиятнинг жорий хўжалик фаолияти билан боғлиқ битимларни белгилаш;

·ҳомийлик (хайрия) ёки беғараз ёрдам кўрсатиш (олиш) тартиби ва шартларини белгилаш, уларни ошириш ваколатини ижроия органига бериш тўғрисида қарор қабул қилиш;

·электрон почта орқали (электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда), шунингдек, ўз ваколатини вакилга бериш йўли билан овоз бериш ёки умумий йиғилишни видеоконференц-алоқа тарзида ўтказиш тартибини белгилаш (тасдиқлаш);

·жамиятнинг йиллик бизнес-режасини белгиланган тартибда тасдиқлаш;

·саноқ комиссияси аъзолари сони ва шахсий таркиби тасдиқлаш;

·жамият маблағлари ҳисобидан миноритар акциядорлик қўмитасини сақлаш харажатини қоплаш (миноритар акциядорлик қўмитаси тузилган тақдирда) тартибини белгилаш (тасдиқлаш);

·аудиторлик текширувини шу жумладан халқаро стандартларга мувофиқ тузилган молиявий ҳисоботларнинг халқаро аудит стандартларига мувофиқ аудиторлик текширувидан ўтказиш тўғрисида, аудиторлик ташкилотини ва унинг хизматларига тўланадиган ҳақнинг энг кўп миқдорини белгилаш ҳақида қарор қабул қилиш;

·акциядорларнинг умумий йиғилишида ҳисобот берувчи жамият бошқарув ва назорат органлари маърузалари (ҳисоботлари) шакли ва мазмунига бўлган талабларни, акциядорлар умумий йиғилиши давомийлигини белгилаш;

· қонун ҳужжатларига ва ушбу Уставга мувофиқ бошқа масалаларни ҳал этиш.

63. Акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқи акциядор томонидан шахсан ёки унинг вакили орқали амалга оширилади. Акциядорнинг вакили акциядорларнинг умумий йиғилишида ёзма шаклда тузилган акциядор томонидан берилган ишончнома асосида иш юритади.

64. Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинган қарорлар қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда жамият корпоратив веб-сайтида ва Корпоратив ахборот ягона порталида жойлаштирилади. Агар жамият акциялари ва бошқа қимматли қоғозлари фонд биржасининг котировка варағига киритилган бўлса, мазкур қарорлар биржанинг веб-сайтида ҳам жойлаштирилади.

65. Акциядорлар, шу жумладан, миноритар акциядорлар овоз беришда биргаликдаги позициясини шакллантириш учун акциядорлик битимини тузиши мумкин.

66. Жамиятнинг миноритар акциядорлари ҳужжатларни асоссиз равишда талаб қилиш ва махфий ахборотлар, тижорат сирларини қўллаш йўли билан жамият бошқарув органи фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги лозим.

67. Жамият Акциядорлар умумий йиғилиши жамиятнинг «Акциядорлар умумий йиғилиши тўғрисида»ги Низом асосида чақирилади ва ўтказилади.

IX. ЖАМИЯТ КУЗАТУВ КЕНГАШИ

68. Жамият кузатув кенгаши жамият фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, акциядорлар умумий йиғилишининг ваколатига тааллуқли масалалар бундан мустасно.

69. Жамият кузатув кенгашининг аъзолари акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан бир йиллик муддатга сайланади. Жамият кузатув кенгаши аъзоларининг сони 7 (етти) кишидан иборат.

Корпоратив бошқарув кодексида акс эттирилган мустақил аъзо мезонларига мувофиқ бўлган кузатув кенгашининг камида бир нафар (аммо уставда кўзда тутилган кузатув кенгаши аъзолари сонининг 15 фоизидан кам бўлмаган) аъзоси –йирик акциядорлар томонидан келишилган ҳолда тавсия этилиши ва сайланиши мумкин.

70.Жамият кузатув кенгашининг ваколат доирасига қуйидагилар киради:

·жамиятнинг бизнес-режаси кўрсаткичлари бажарилиши, шунингдек, ривожлантириш стратегиясига эришиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида жамият ижроия органининг ҳисоботини мунтазам равишда эшитиб борган ҳолда жамият фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш;

·акциядорларнинг йиллик ва навбатдан ташқари умумий йиғилишларини чақириш, Қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

·акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартибини тайёрлаш,ўтказиладиган сана, вақт ва жойни белгилаш;

·акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилиши ҳақида хабар қилиш ва иштирок этиш учун жамият акциядорларининг реестрини шакллантириш санасини белгилаш;

·Ўзбекистон Республикасининг "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунида 59-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган масалаларни акциядорларнинг умумий йиғилиши ҳал қилиши учун киритиш;

·мол-мулкнинг бозор қийматини белгилашни ташкил этиш;

·жамиятнинг ижроия органи раҳбарини сайлаш (тайинлаш), раҳбарнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;

·ижроия органи раҳбари лавозимига танловни ташкил этиш;

· жамиятнинг ижроия органига тўланадиган ҳақ ва (ёки) компенсациялар миқдорларини белгилаш. Кўрсатилган тўловларнинг миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.07.2015 йилдаги 207 – сонли қарори билан тасдиқланган "Давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини жорий этиш тўғрисида”ги низомда белгиланган самарадорликнинг муҳим кўрсаткичларига боғлаган ҳолда белгиланиши мумкин;

·корпоратив маслаҳатчини тайинлаш ва унинг фаолияти тартибини белгиловчи низомни тасдиқлаш;

·жамиятнинг йиллик бизнес-режасини жорий йилнинг
1 декабридан кечиктирмай белгиланган тартибда маъқуллаш;

·ички аудит хизматини ташкил этиш, унинг ходимларини тайинлаш ва улар билан белгиланган тартибда меҳнат шартномасини (шартнома жамият номидан жамият кузатув кенгашининг раиси ёки кузатув кенгаши ваколат берган шахс томонидан имзоланади) тузиш, шунингдек ҳар чоракда унинг ҳисоботларини эшитиб бориш;

·жамият кузатув кенгаши зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш билан боғлиқ хужжатларни ижроия органидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиш учун олиш;

·аудиторлик текширувини шу жумладан халқаро стандартларга мувофиқ тузилган молиявий ҳисоботларнинг халқаро аудит стандартларига мувофиқ аудиторлик текширувидан ўтказиш тўғрисида, аудиторлик ташкилотини ва унинг хизматларига тўланадиган ҳақнинг энг кўп миқдорини белгилаш бўйича тавсиялар бериш;

·тафтиш комиссияси аъзоларига (тафтишчисига) тўланадиган ҳақ
ва компенсацияларнинг миқдорлари юзасидан тавсиялар бериш;

·дивиденд миқдори, уни тўлаш шакли ва тартиби юзасидан тавсиялар бериш;

·захира фондидан ва бошқа фондларидан фойдаланиш;

·филиалларни ташкил этиш ва ваколатхоналарини очиш;

·шўъба ва тобе хўжалик жамиятларини ташкил этиш (улар акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган жамияти шаклларида тузилади);

·Қонунда белгиланган ҳолларда жамият томонидан йирик битимлар
ва жамият аффилланган шахслари билан (манфаатдорлик) битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

·жамиятнинг тижорат ва нотижорат ташкилотлардаги иштироки билан боғлиқ битимларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузиш;

·эхтиёждан келиб чиққан холда, кузатув кенгаши қошида кузатув кенгаши, бош директор, жамият ходимлари ва жалб этилган экспертлар (тегишли соҳа мутахассислари, соҳа олий таълим муассасалари ўқитувчилари ва бошқалар)дан иборат тегишли масалалар, шу жумладан, низоли вазиятларни аниқлаш ва ҳал этиш ва бошқа масалалар бўйича қўмиталар (ишчи гуруҳлари) ташкил этиш;

·жамиятнинг устав капиталини кўпайтириш, шунингдек жамият уставига жамиятнинг устав капиталини кўпайтириш ҳамда жамиятнинг эълон қилинган акциялари сонини камайтириш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарор қабул қилиш;

·корпоратив облигациялар, шу жумладан, акцияларга айирбошланадиган облигациялар чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш;

·жамиятнинг корпоратив облигацияларини қайтариб сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

·акцияларни жойлаштириш (қимматли қоғозларнинг биржа бозорига
ва уюшган биржадан ташқари бозорига чиқариш) нархини белгилаш;

·қимматли қоғозларнинг ҳосилаларини чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш;

·қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш ва тасдиқлаш;

·қимматли қоғозлар эмиссия рисоласини тасдиқлаш (қимматли қоғозлар оммавий жойлаштирилган тақдирда);

·қонун ҳужжатларига ва ушбу Уставга асосан кузатув кенгашига юклатилган бошқа масалаларни ҳал этиш.

71. Кузатув кенгаши аъзолари сайлови кумулятив овоз бериш орқали амалга оширилади. Кумулятив овоз беришда ҳар бир акциядорга тегишли овозлар сони кузатув кенгашига сайланиши лозим бўлган шахслар сонига кўпайтирилади ва акциядор шу тариқа олинган овозларни битта номзодга тўлиқ беришга ёки уларни икки ва ундан ортиқ номзодлар ўртасида тақсимлашга ҳақлидир. Энг кўп овоз тўплаган номзодлар жамият кузатув кенгаши таркибига сайланган деб ҳисобланади.

72. Кузатув кенгашининг раиси кенгаш аъзолари томонидан уларнинг ўзлари орасидан кўпчилик овоз билан сайланади. Кузатув кенгаши ўз раисини жами аъзоларининг кўпчилик овози билан қайта сайлашга ҳақлидир.

73. Кузатув кенгашининг раиси унинг ишини ташкил этади, кузатув кенгаши мажлисларини чақиради ва уларда раислик қилади, мажлисда баённома юритилишини ташкил этади.

74. Кузатув кенгаши раиси йўқ бўлган ҳолларда унинг вазифасини кенгаш аъзоларидан бири амалга оширади.

75. Кузатув кенгаши мажлислари унинг раиси томонидан ҳар чоракда камида бир марта чақирилади ва ўтказилади.

Жамият кузатув кенгашининг мажлиси кузатув кенгашининг раиси томонидан унинг ўз ташаббусига кўра, жамият кузатув кенгаши, тафтиш комиссияси, Бош директори талабига кўра чақирилади.

Жамиятнинг 1 фоиздан кам бўлмаган оддий акциялари эгалари кузатув кенгаши мажлисини чақиришни талаб қилиш ва кун тартиби юзасидан таклиф киритиш ҳуқуқига эга.

76. Кузатув кенгашининг мажлисида қарорлар, мажлисда иштирок этаётган кузатув кенгаши аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Кузатув кенгаши мажлисида масалалар ҳал этилаётганда кенгашнинг ҳар бир аъзоси битта овозга эга. Кузатув кенгашининг бир аъзоси ўз овозини кенгашнинг бошқа аъзосига беришига ҳақли эмас. Кузатув кенгаши аъзоларининг овозлари тенг бўлган ҳолда, кенгашраисининг овози ҳал этувчи ҳисобланади.

Кузатув кенгаши мажлисида қабул қилинган қарорлар акциядорлар умумий йиғилиши кун тартибига кўриб чиқилиши ёки маъқулланиши учун киритилиши мумкин.

77. Жамият кузатув кенгашининг мажлисини ўтказиш учун кворум жамият кузатув кенгашига сайланган аъзоларнинг етмиш беш фоизидан кам бўлмаслиги керак. Жамият кузатув кенгаши аъзоларининг сони уставда назарда тутилган миқдорнинг етмиш беш фоизидан кам бўлган тақдирда, жамият кузатув кенгашининг янги таркибини сайлаш учун акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириши шарт. Кузатув кенгашининг қолган аъзолари акциядорларнинг бундай навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

78.Жамият кузатув кенгашининг қарорлари сиртдан овоз бериш йўли билан (сўров йўли билан) жамият кузатув кенгашининг барча аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилиниши мумкин.

79.Мажлисда кузатув кенгаши аъзолари видео ва аудио ускуналари орқали конференция алоқаси бўйича иштирок этиши мумкин, бунда уларнинг овозлари қарор қабул қилиш учун сиртдан берилган деб ҳисобланмайди.

80.Кузатув кенгаши ва унинг раиси ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва ўз мажбуриятларини бажаришда жамият манфаатларини кўзлаб иш тутиши лозим. Улар қонун ҳужжатларига ва ушбу Уставга мувофиқ жамият ва унинг акциядорлари олдида жавобгардир.

81.Кузатув кенгаши мазкур Устав ва акциядорлар умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган «Кузатув кенгаши тўғрисида»ги низом асосида иш олиб боради.

X. ЖАМИЯТНИНГ ИЖРОИЯ ОРГАНИ

82.Жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилиш жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижроия органи раҳбари-Бош директор томонидан амалга оширилади. Бош директор ваколатига жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилишга доир барча масалалар киради, Акциядорлар умумий йиғилиши ва Кузатув кенгашининг ваколатларига киритилган масалалар бундан мустасно.

83. Бош директор жамиятнинг кундалик фаолиятини бошқаради ва оператив раҳбарликни Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, жамият Устави, Акциядорлар умумий йиғилиши ва Кузатув кенгашининг қарорларига мувофиқ амалга оширади.

84. Бош директор Қонун ва мазкур Уставга мувофиқ акциядорлар умумий йиғилиши ва кузатув кенгаши қарорлари бажарилишини ташкил этади ва уларга ҳисобот беради.

85. Жамият Бош директорининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун ҳужжатларида, ушбу Уставда ҳамда жамият билан бир йил муддатга тузиладиган шартномада белгиланиб, шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки уни бекор қилиш мумкинлиги тўғрисида ҳар йили қарор қабул қилинади. Шартнома жамият номидан жамият кузатув кенгашининг раиси ёки кузатув кенгаши ваколат берган шахс томонидан имзоланади.

86. Бош директор тайинлаш тўғрисидаги қарор, одатда, хорижий менежерлар ҳам иштирок этиши мумкин бўлган танлов асосида қабул қилинади.

87. Акциядорлар вакили сифатида иштирок этаётган бош директор, бош директорни сайлаш масаласида овоз беришда иштирок этмайди.

88. Бош директорга тўланадиган ҳақ ва (ёки) компенсациялар миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.07.2015 йилдаги
207–сон қарори билан тасдиқланган "Давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини жорий этиш тўғрисида”ги Низомда белгиланган самарадорликнинг муҳим кўрсаткичларига боғлаган ҳолда белгиланиши мумкин.

89. Бош директор ваколатига қуйидагилар киради:

· мазкур Устав ва кузатув кенгаши томонидан ўзига берилган ваколатларга мувофиқ жамиятнинг ишига раҳбарлик қилиш;

· ишчи ва ходимларга иш ҳақи ва мукофотлар миқдорини белгилаш;

· ходимлар мансаб йўриқномаларини тасдиқлаш;

· жамият тузилмалари рахбарлари ҳисоботларини ҳар чорак якуни бўйича эшитиш;

· жамият томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартибда ва миқдорда мол-мулкни олиш ёки уни бошқа шахсга бериш ёхуд мол-мулкни бошқа шахсга бериш эҳтимоли билан боғлиқ битим ёки ўзаро боғланган бир нечта битимлар бўйича қарор қабул қилиш, акцияларни ва бошқа қимматли қоғозларни жойлаштириш билан боғлиқ бўлган битимлар бундан мустасно.

· жамиятнинг асосий воситаларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартибда ҳисобдан чиқариш.

· жамият номидан ишончномасиз иш юритиш ва унинг манфаатларини ҳимоя қилиш;

· жамиятнинг йиллик бизнес-режаси лойиҳасини жорий йилнинг
20 ноябрдан кечиктирмай кузатув кенгашига тақдим этиш;

· жамиятнинг йиллик бизнес-режаси бажарилиши бўйича ҳар чоракда кузатув кенгашига ҳисобот бериш;

· жамият номидан битимлар тузиш;

· кузатув кенгашининг розилигига кўра унинг ишида маслаҳат овози билан иштирок этиш;

·жамиятнинг филиали ёки ваколатхонаси раҳбарини тайинлаш;

·ходимлар штатларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2015 йил 28 октябрдаги ПҚ-2422-сон қарорида кўрсатилган "Ўзпахтасаноат” АЖнинг асосий вазифаларидан келиб чиқиб унинг тавсияси асосида тасдиқлаш, ходимларни (ишчиларни) ишга қабул қилиш, улар билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш, уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш, ходимлар томонидан меҳнат ва ижро интизоми сақлаб турилишини таъминлаш;

· жамият номидан амалдаги қонунчиликка асосан ишончномалар бериш;

· жамиятнинг барча ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқ ва фармойишлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш;

· акциядорлар умумий йиғилиши ва кузатув кенгаши қарорларининг бажарилишини ташкил этиш;

· жамиятда бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этиш, шу жумладан молиявий ҳисоботларни эълон қилиш мақсадида уларни Молиявий ҳисоботлар халқаро стандартларига трансформациясини таъминлаш;

· норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ жамият фаолиятига доир маълумотларни ошкор қилиш;

· йиллик ҳисоботлар ва бошқа молиявий ҳисоботлар тегишли органларга ўз вақтида такдим этилишини, шунингдек акциядорларга, кредиторларга ва бошқа олувчиларга юбориладиган жамият фаолияти тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилишини таъминлаш;

· жамият архиви ишини ташкил этиш ва ундаги ҳужжатлар бутлигини таъминлаш;

· амалдаги қонун ҳужжатларига ҳамда жамият ички ҳужжатларига риоя қилиш;

·қонун ҳужжатларига ва ушбу Уставга мувофиқ бошқа масалаларни ҳал этиш.

90.Бош директор ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва ўз мажбуриятларини бажаришда жамият манфаатларини кўзлаб иш тутиши лозим. Улар қонун ҳужжатларига ва ушбу Уставга мувофиқ жамият ва унинг акциядорлари олдида жавобгардир.

91.Бош директор мазкур Устав ва акциядорлар умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган «Ижроия органи тўғрисида»ги низом асосида иш олиб боради.

XI.ЖАМИЯТ ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ

92.Жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш учун акциядорларнинг умумий йиғилиши тафтиш комиссиясини олий иқтисодий малумотга эга номзодлардан бир йил муддатга сайлайди. Жамият тафтиш комиссияси 3 кишидан иборат.

93.Жамият тафтиш комиссиясининг ёзма талабига кўра жамият Бош директори жамиятнинг молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги ҳужжатларни тафтиш комиссиясига тақдим этиши шарт.

94.Тафтиш комиссияси амалдаги қонунчиликка мувофиқ акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши чақирилишини талаб қилишга ҳақли.

95.Жамият тафтиш комиссиясининг аъзолари бир вақтнинг ўзида жамият кузатув кенгашининг аъзоси бўлиши, шунингдек айни шу жамиятда меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаши мумкин эмас.

96.Жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш тафтиш комиссиясининг, акциядорлар умумий йиғилишининг, кузатув кенгашининг ташаббусига кўра ёки жамият овоз берувчи акцияларининг камида 5 фоизига эгалик қилувчи акциядорнинг (акциядорларнинг) талабига кўра жамият кузатув кенгашини олдиндан хабардор қилиш йўли билан бир йиллик ёки бошқа давр ичидаги фаолият якунлари бўйича амалга оширилади.

97.Жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш якунларига кўра жамиятнинг тафтиш комиссияси хулоса тузади, бу хулосада:

· жамиятнинг ҳисоботларида ва бошқа молиявий ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилигига доир баҳо;

· бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни тақдим этиш тартиби бузилганлиги, шунингдек молия-хўжалик фаолияти амалга оширилаётганда қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисидаги ахборот кўрсатилиши шарт.

98.Тафтиш комиссиясининг хулосаси мазмунига қўшимча талаблар акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан белгиланади.

99.Тафтиш комиссияси жамиятда аффилланган шахслар билан тузилган битимлар ёки йирик битимлар мавжудлиги, шунингдек қонун ҳужжатларининг ва жамият ички ҳужжатларининг бундай битимларни тузишга доир талабларига риоя қилиниши тўғрисидаги хулосани ҳар чоракда жамият кузатув кенгашининг мажлисида ва акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишида эшитилади.

100.Тафтиш комиссияси мазкур Устав ва акциядорлар умумий йиғилиши томонидан тасдиқланадиган «Жамият тафтиш комиссияси тўғрисида»ги низом асосида иш олиб боради ва уларга белгиланган тартибда мукофот пули тўланади.

101.Жамият активларининг баланс қиймати энг кам иш ҳақи миқдорининг юз минг баробари ва ундан ортиғини ташкил этса жамиятда ички аудит хизмати ташкил этилади. Ички аудит хизмати жамиятнинг кузатув кенгашига ҳисобдордир.

102.Жамиятнинг ички аудит хизмати жамиятнинг ижроия органи, филиаллари ва ваколатхоналари томонидан қонун ҳужжатларига, ушбу Уставга ва бошқа ҳужжатларга риоя этилишини, бухгалтерия ҳисобида ва молиявий ҳисоботларда маълумотларнинг тўлиқ ҳамда ишончли тарзда акс эттирилиши таъминланишини, хўжалик операцияларини амалга оширишнинг белгиланган қоидалари ва тартиб-таомилларига риоя этилишини, активларнинг сақланишини, шунингдек жамиятни бошқариш юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилишини текшириш ҳамда мониторинг олиб бориш орқали жамиятнинг ижроия органи, филиаллари ва ваколатхоналари ишини назорат қилади ҳамда баҳолайди.

103.Ички аудит хизмати жамиятдаги ички назоратни, шу жумладан, 50 фоиздан зиёд улуши жамиятга тегишли бўлган юридик шахслар билан ўтказилган операциялар устидан назоратни амалга оширади.

104.Жамиятнинг ички аудит хизмати ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ амалга оширади.

105.Аудиторлик ташкилоти жамият билан тузилган шартномага мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жамият молия-хўжалик фаолиятининг текширилишини амалга оширади ва унга аудиторлик хулосасини ҳамда ҳисоботини тақдим этади.

106. Аудиторлик ташкилоти жамиятнинг молиявий ҳисоботи ва молияга доир бошқа ахборот ҳақидаги нотўғри хулосани ўз ичига олган аудиторлик хулосаси тузилганлиги оқибатида етказилган зарар учун жамият олдида жавобгар бўлади.

107.Жамиятда кузатув кенгашига ҳисобдор бўлган ва корпоратив қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат қилиш вазифасини бажарувчи жамият корпоратив маслаҳатчиси лавозими жорий этилиши мумкин.

108.Жамият корпоратив маслаҳатчисининг фаолияти жамият кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган низом асосида амалга оширилади.

XII.ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

109.Устав бўйича келиб чиқадиган барча низо ва келишмовчиликлар акциядорларнинг ўзаро келишуви йўли билан амалдаги қонун ҳужжатлари ва ушбу Уставга асосан ҳал қилинади.

110.Низо ва келишмовчиликларни музокаралар йўли билан ҳал қилиш имконияти бўлмаган тақдирда улар тегишли равишда суд орқали ҳал қилинади.

111.Мазкур Устав ва унинг киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатига олинган вақтдан бошлаб кучга киради.

 

«Xatirchi paxta tozalash» AJ

Бош директори Б.З.Шомуродов




Ўзбекистон тупроғининг ноёб унумдорлиги унинг мухим хусусияти бўлиб, бу хол республикани қудратли агросаноат салохиятига эга мамлакатга айлантириш имкониятини беради. Бугунги кунда Ўзбекистон ташқи бозорида талаб катта бўлган махсулот - пахта толасининг асосийф ишлаб чиқарувчиси ва етказиб берувчисидир. Республикада пахтани асосли қайта ишлаш йўли изчиллик билан олиб борилмоқда.

И.А.Каримов

  • Hawlett Package
  • Google Play
  • Linkedin
  • Google
  • Ebay
  • Hawlett Package
  • Google Play
  • Linkedin
  • Google
  • Ebay