Барча эзгу ишларимиз халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга йўналтирилган

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 10 март куни Бухоро вилоятига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари ўзининг сайловолди дастурида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Бухоро вилоятини ҳам ривожлантириш бўйича улкан режаларни баён этган эди. Президентимиз Бухоро вилоятига ташрифи давомида ана шу режалар ижроси, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, истиқболли лойиҳалар билан танишмоқда.
Бухоро асрлар давомида жаҳон цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшиб келган, ҳақли равишда шарифлик мақомига сазовор бўлган муқаддас шаҳарлардан.
Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Бухорода беқиёс бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. "Бухоро маданий маркази", унинг таркибидаги "Кўҳна ва боқий Бухоро" монументи бухороликлар ва вилоятга келувчи сайёҳларнинг севимли масканига айланган.
Сўнгги йилларда бу борадаги ишлар вилоятда янада кенг кўламда амалга оширилмоқда. 2016 йилда вилоят иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатлари таъминланиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 7,9 фоизга ошди. Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 67,9 фоизни ташкил этди.
Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши давом этмоқда. Мажмуа таркибига йилига 8,1 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш қувватига эга завод, 114 қазиш қудуғи, 11 махсус майдон ва 4 йиғув пунктини ўз ичига олган табиий газни тўплаш тизими киради. 370 километр газ қувури, 160 километр автомобиль йўли қуриш режалаштирилган бу лойиҳа Ўзбекистон газ конларини ўзлаштиришни янги босқичга кўтаради. Марказий Осиёдаги йирик ишлаб чиқариш мажмуаларидан бири бўлган ушбу заводда 2 мингдан зиёд доимий иш ўрни яратилади.
2016 йили энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида Тошкент – Бухоро йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи "Afrosiyob” электр поездининг илк қатнови амалга оширилди. Бундан вилоят аҳлининг кўнгли кўтарилиб, эртанги кунга ишончи янада мустаҳкамланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифини буюк алломаларимиздан бири Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади.
Эски тузум даврида бу муқаддас маскан хароб бўлиб қолган эди. Истиқлол йилларида миллий, маданий ва маънавий қадриятларимизни, тарихий обидаларимизни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1993 йилда Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 675 йиллиги муносабати билан мазкур зиёратгоҳ таъмирланди. Мажмуадаги дахмалар, мақбаралар, масжидлар, айвонлар ва мадрасанинг тарихий қиёфаси тикланиб, қутлуғ қадамжога айлантирилди.
Бугун бу маскан юртдошларимиз ва хорижий сайёҳлар қадами узилмайдиган зиёратгоҳлардан биридир.
Таомилга биноан Қуръон тиловат қилинди.
Президентимиз мазкур ёдгорлик мажмуасини янада ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Бухоронинг жаҳон цивилизацияси ва ислом маданияти ривожига қўшган ҳиссаси беқиёс. Бу заминда кўплаб алломалар таваллуд топган ва яшаган. Уларнинг бой меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш учун бу ерда Тошкент ислом университетининг махсус факультетини ташкил қилиш керак, деди давлатимиз раҳбари.
Шавкат Мирзиёев Бухоро темир йўл вокзалида йўловчилар учун яратилган шароитларни бориб кўрди.
Узоқ истиқболга мўлжалланган махсус дастурлар, лойиҳалар асосида ушбу соҳада кенг кўламли ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг самарасида ўтган йилларда янги темир йўл линиялари барпо этилиб, мавжудлари реконструкция қилинди, электрлаштирилди. Янги йўналишлар очилиб, янги темир йўл вокзаллари қурилди, мавжудлари таъмирланди.
Мазкур вокзал Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 6 мартдаги 2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникациялари ва йўл-транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва ривожлантириш дастури тўғрисидаги қарорига асосан янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган.
Вокзалда VIP ва турли хизматлар кўрсатиш заллари, тиббиёт, она ва бола, дам олиш хоналари, кутубхона, савдо шохобчалари мавжуд. Бино ташқарисида 4 янги чиптахона ва фаввора қурилган.
Майдони 2,9 гектар бўлган вокзал бир вақтнинг ўзида 500 дан зиёд йўловчига хизмат кўрсатади. Бир кеча-кундузда 2 мингдан ортиқ йўловчини кутиб олиб, жўнатиш имкониятига эга.
Давлатимиз раҳбари шу ерда Бухоро – Мискин темир йўл қурилишининг бориши билан танишди. Ушбу темир йўл 350 километрдан зиёд. Лойиҳанинг умумий қиймати 283 миллион долларни ташкил этади. Мазкур йўналиш бўйича қуриладиган темир йўлда 8 темир йўл станцияси ва разъездлар барпо этиш белгиланган.
2015 йил 6 ноябрда "Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва Испаниянинг "Patentes Talgo, S.L.U” компанияси ўртасида юқори тезликда ҳаракатланувчи яна 2 электропоездни харид қилиш бўйича шартнома имзоланган эди. Шартномага мувофиқ, ушбу замонавий электропоездларнинг биттаси мамлакатимизга олиб келинди.
Президентимиз янги "Afrosiyob” электропоездининг имкониятлари, йўловчилар учун яратилган қулайликлар билан танишди.
Замонавий электропоезд олдингиларига қараганда янада кенг имкониятларга эга. Хусусан, шу вақтга қадар ҳаракатланаётган юқори тезликдаги электропоездлар 215 йўловчи сиғимига эга эди. Янги поезд 287 йўловчига мўлжалланган. Унда "эконом" тоифали вагонлар сони 2 та кўп.
Тез кунларда электропоезднинг иккинчиси ҳам олиб келинади. Поездлар ҳаракатини йўлга қўйиш баробарида қўшимча иш ўринлари яратилиб, 15 машинист ва 50 га яқин вагон кузатувчисини иш билан таъминлаш кўзда тутилган. "Ўзтемирйўлмаштаъмир” унитар корхонаси ҳудудида юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларга хизмат кўрсатиш цехи қурилмоқда. Бу ҳам янги иш ўринларини кўпайтириш имконини беради.
Президентимиз "Бухоро бриллиант силк” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида бўлиб, вилоятда аҳоли фаровонлигини ошириш, янги иш ўринлари яратишга қаратилган бир қанча лойиҳалар билан танишди.
2010 йилда ташкил этилган, замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган корхонада пилла қайта ишланиб, турли ўлчам, кўриниш ва рангдаги матолар тайёрланмоқда. Бунда буюртмачи таклифи ва бозор талаби асосида иш тутилмоқда. Ҳозир бу ерда "Баҳор”, "Ёмғир”, "Юлдузлар” каби ўнлаб кўринишдаги матолар ишлаб чиқарилмоқда. Матога босилган гулларнинг ўзига хослиги шундаки, уларнинг ранги ўчмайди, сув ва қуёш нурига чидамли.
Ипак матолар экологик тоза, ҳар қандай иқлимга мос. Маҳсулот буюртма асосида Фарғона, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги харидорларга етказиб берилмоқда. Тайёр маҳсулотни экспорт қилиш бўйича хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилаётир.
Айни пайтда "Бухоро бриллиант силк” қўшма корхонасининг ипак толалари хорижда харидоргир. Ўтган йили Эрон, Вьетнам, Туркия, Ҳиндистонга қарийб 2,5 миллион долларга тенг маҳсулот экспорт қилинди.
Бундай корхоналарни кўпайтиришимиз керак, деди давлатимиз раҳбари. Бу корхоналар учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ҳудуддаги касб-ҳунар коллежлари билан ҳамкорлик қилиш лозимлигини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев шу ерда "Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти томонидан собиқ "Бухоротекс” АЖ негизида ташкил этиладиган "Индорама Индаст ЛТД” Ўзбекистон – Сингапур қўшма корхонаси лойиҳаси билан танишди.
Бухоро вилоятида етиштирилган пахта толасини қайта ишлашга ихтисослаштирилган корхона ишга тушгач, 400 га яқин иш ўрни яратилади. Корхонага Швейцариянинг "Ритер” компаниясида ишлаб чиқарилган замонавий ва энергиятежамкор технологияларни ўрнатиш кўзда тутилган.
Мамлакатимизнинг барча шаҳар ва туманларида пахтани қайта ишлайдиган замонавий корхоналар ташкил этилмоқда. Бу ҳудудда етиштирилган пахта толасини шу ернинг ўзида қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, янги иш ўринлари яратиш имкониятини кенгайтирмоқда.
Президентимизга "Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти томонидан 2017-2018 йилларда Бухоро вилоятида пахта толасини қайта ишлаш дастури лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.
Бугун Бухорода етиштирилаётган пахта толасининг 20,6 фоизи вилоят ҳудудида саноат усулида қайта ишланмоқда. Янги лойиҳа бўйича вилоятнинг 7 шаҳар ва туманида 13 йирик саноат корхонасини фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу вилоятда етиштирилган пахта толасининг 65 фоизини қайта ишлаш, 5 мингга яқин иш ўрни ташкил этиш имкониятини яратади.
Дастурни бажариш учун мамлакатимиз тижорат банклари маблағлари ва чет эл инвестициясини жалб қилиш режалаштирилган.
Ердан унумли фойдаланиш, тутзорлар барпо этиш бўйича янги лойиҳа тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Мамлакатимизда етиштирилган ипак толасига дунё бозорида талаб юқори. Давлатимиз раҳбари мазкур соҳани янада ривожлантириш, тутзорларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилаётган "Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг таркибий тузилмаси билан ҳам танишди.
Вилоятда аграр тармоқни янада ривожлантиришда ҳудуддаги касб-ҳунар коллежларида қишлоқ хўжалигининг биз янгидан ўзлаштираётган соҳалари бўйича мутахассислар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш керак, деди давлатимиз раҳбари.
Бухоро шаҳрида ишга туширилаётган "Бухоро коттон текстиль” корхонаси лойиҳаси билан танишар экан, Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда етиштирилган пахтани тола кўринишида сотиш энг кам даромад келтиришини, пахта толасини қайта ишлаб, экспортбоп тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
1000 кишининг бандлиги таъминланиши кўзда тутилган корхонада 6,5 минг тонна ип-калава, 10 минг квадрат метр жинси мато ва 1,5 миллион дона тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Президентимизга Олот туманидаги "Мергантекс” масъулияти чекланган жамияти, Пешку туманидаги ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган кўп тармоқли корхона, Бухоро шаҳрида пахта етиштиришдан тайёр тўқимачилик маҳсулоти ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи қамраб оладиган пахта-тўқимачилик кластери тузиш, табиий ва кимёвий толалардан интеграция асосида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил қилиш лойиҳалари ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.
Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳридаги Арк қўрғони мажмуасида вилоятнинг туризм салоҳиятини янада ошириш дастури тақдимотида иштирок этди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Бухоро вилоятининг туризм салоҳиятини янада ошириш дастури асосида 39 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади.
Мамлакатимизда туризмнинг зиёрат қилиш, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, спорт, даволаш-соғломлаштириш, қишлоқ, саноат, ишбилармонлик туризми ва бошқа турларини ривожлантириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Дастур доирасида БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) ҳамда туризм бўйича нуфузли халқаро ва миллий ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, сайёҳлик индустрияси объектларини жадал ривожлантириш, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирларига 18,5 миллиард сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, гидлар ва бошқа ходимларнинг билим ва малакасини мунтазам ошириб бориш бўйича зарур кўрсатмалар берди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи давом этмоқда.
Манбаа: http://uza.uz
скачать dle 10.5фильмы бесплатно

Ўзбекистон тупроғининг ноёб унумдорлиги унинг мухим хусусияти бўлиб, бу хол республикани қудратли агросаноат салохиятига эга мамлакатга айлантириш имкониятини беради. Бугунги кунда Ўзбекистон ташқи бозорида талаб катта бўлган махсулот - пахта толасининг асосийф ишлаб чиқарувчиси ва етказиб берувчисидир. Республикада пахтани асосли қайта ишлаш йўли изчиллик билан олиб борилмоқда.

И.А.Каримов

  • Hawlett Package
  • Google Play
  • Linkedin
  • Google
  • Ebay
  • Hawlett Package
  • Google Play
  • Linkedin
  • Google
  • Ebay